Toshkent vrachlar malakasini oshirish institutida Pediatriya fakulteti uchun 10 MAY 2018 yilda Maʻnaviyat va maʻrifat kun bo‘lib o‘tdi

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида Педиатрия факультети  учун  10 МАЙ  2018 йилда Маънавият ва маърифат кун бўлиб ўтди

     Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг анжуманлар саройида    Педиатрия факультети учун  Маънавият ва маърифат куни ўтказилди. Куни кеча юртимизда 9-май Хотира ва қадрлаш куни,

Ватанимиз, халқимиз Улуғ Ватан урушида фашизм устидан қозонилган Ғалаба кенг нишонланди . Ана шу буюк сана билан аввало урушда қатнашган, мардлик ва жасорат кўрсатган барча уруш фахрийларини, шулар қаторида фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни, бутун халқимизни табриклаш, уруш майдонларидан қайтмаган, бугунги мусаффо осмонимиз учун жон берган ватандошларимиз хотираси олдида бош эгиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

 

    Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир. Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради.

       Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди.

 Букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.     Биласизки,тингловчи шифокорлар ва ходимлар учун  ҳар ойда маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиб бориш анъанага айланган. Ушбу тадбирларда бош шифокорлар, захирадаги рахбар кадрлар ҳамда олий маълумотли ҳамширалар гурухи хам мунтазам иштирок этиб келади.

                          

Ўзбекистонда қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат бошқаруви органларининг қуйи бўғинлари фаолиятини тубдан яхшилаш, уларнинг халқ билан мулоқот қилишини таъминлаш, бу борада самарали ижтимоий ҳамкорлик механизмини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги ПҚ-3160 Қарорига асосан Республика Маънавият ва маърифат маркази қайта ташкил этилди. Президентнинг мазкур Қарори маънавий-маърифий тарғибот ишларининг мазмун-мундарижасини тубдан яхшилаш, уларнинг кўлами ва миқёсини кенгайтиришга қаратилган.

                              

2017 йилнинг 30 июнь куни Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Янги ташкилот ёшларнинг чинакам таянчи ва суянчи бўлган, ҳар қандай расмиятчиликдан холи, айниқса, ёшлар манфаатини ҳимоя қиладиган ташкилотга айланди.  ТошВМОИ да ҳам  Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Бошланғич Ташкилоти самарали фаолият олиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлигининг 2016 йил, 20 январда №34 сонли буйруғи жорий этилганидан деярли барчамиз хабардормиз, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида мазкур буйруқнинг ижросига барча профессор-ўқитувчилар, клиник ординаторлар ва тингловчи шифокорлар риоя қилишлари шарт  қилиб белгиланган. Ушбу буйруққа асосан, дунё миқёсида қабул қилинган хизмат протоколи қоидаларига мувофиқ жиддий, ишчан ва дидли, зиёли шахс қиёфасини шакллантириш мақсадида корпоратив кийиниш услуби талабларига амал қилинади. Муассасада раҳбар ходимлар, педагог, шифокор (ёки бўлажак педагог, шифокор) касбига мос ҳолда кийинишлари талаб этилади. Тиббиёт ходими ўзини тутиш санъати, ҳамда мулоқот маданияти ва касбдошлар ўртасида ва беморлар билан мулоқотда ҳурмат ва меҳр-мурувват кўрсатишлари лозим.

 

Кун тартибидан ўрин олган биринчи маъруза Республикамиз шифокорларининг хуқуқий ва  сиёсий билимларини шакллантиришга қаратилган. Давлатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ҳамда соғлиқни сақлаш тизимига оид Фармонлар ва Қарорларнинг мазмун моҳияти, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигига бағишланган тантанали байрам йиғилишида Муҳтарам Юртбошимиз қилган маърузаси ва 2017 йил 22 декабрдаги Президент Муражаатномаси ҳақидаги маърузаларини мужассамлаштирган ҳолда тайёрланган кенг қамровли маърузани:

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Меҳнат шуҳрати ва Дўстлик орденлари соҳиби, Институтимизнинг фахрий профессори,                                          Иқтисод фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Академиги Сайдахрор Сайдахмедович Ғуломов тингловчилар эътиборига ҳавола этдилар.

 

 Аҳоли орасида соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.  Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, тиббий патронаж хизмати сифатини такмоллаштириш куннинг долзарб масаласига айланган. Айнан ушбу устувор йўналиш бўйича 2017 йил 13 ноябрда Ўзбекистон Республикаси ССВнинг №691 сонли Буйруғи жорий этилган.  Кун тартибидан ўрин олган иккинчи масала “Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг замонавий валеологик тамойиллари” ҳақидаги маърузани ТошВМОИ Валеология кафедраси мудири, профессор Шухрат Боисович Иргашев ўқиб эшиттирдилар.

     Кардиология ва геронтология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори Гавхар Миракбаровна Тулабаева «Устозларни ёд этиб» мавзусида профессор Карим Йўлдошевич Йўлдошевнинг хотирасига бағишлаб устознинг илмий амалий ижодий фаолиятини ёритиб берди.  Атоқли олим, ажойиб ташкилотчи Карим Йўлдошев халқимиз, қолаверса Ҳамдўстлик давлатларининг кўзга кўринган олимлари ҳам чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оладиган улуғ сиймо бўлганлар. Забардаст олим  Карим Йўлдошев  нафақат ўзбек тиббиёти равнақига, балки жаҳон тиббиёти ривожига улкан ҳисса қўшган олимлардан бири сифатида танилган. Карим Йўлдошевич каби фидойи алломалар хотира чироғи асло ўчмайди ва уларнинг қолдирган маънавий мероси ёшлар учун ибрат мактаби бўлиб қолади.

 

    Шунингдек Нобель Фарм Саноат маҳаллий корхонаси реклама бўлими бошлиғи Чориев Отабек Нормўминович хозирги кунда Нобель фарм саноат корхонаси томонидан чиқарилаётган сифатли дори-дармон маҳсулотлари , уларнинг қўлланилиш усуллари ва таркиблари ҳақида маълумот бердилар.

       Аҳоли саломатлигини сақлашда хавфли  омилларни олдини олиш муҳим аҳамият касб этади. Аҳоли орасида соғлом ҳаёт тарзини шакллантиришнинг валеологик тамойилларига ҳамда ҳозирги кунда  глобал муаммога айланган тамаки чекиш муаммосини олдини олишга бағишланган  маърузани  Валеология кафедраси доценти, ТошВМОИ Маънавият тарғибот маркази раҳбари Маматова Нодира Мухтаровна тингловчилар эътиборига ҳавола этди.

      Танаффус давомида шифокорлар институт  фоейисида ташкил этилган “Саломат бўлинг” журнали ва  Китобхонлар учун ярмаркада турли хил  адабиётлардан баҳраманд бўлдилар.

 

Учрашувнинг маънавий қисмида , Ўзбекистон Давлат ДРАМА театри жамоаси    Ўзбек аёлларининг урушнинг аччиқ қисматларига қарамай ўзларининг садоқати , вафодорлиги ҳамда сабр – тоқатлари билан

отаси , турмуш ўртоғи , ўғлларини кутаётган ҳақиқий  оналар тимсолини “Садоқат”  номли спектаклларида   намойиш этдилар. Ҳар қайси халқнинг одамийлиги ва маънавий қадриятлари, меҳр-оқибат ва олижаноблик каби инсоний фазилатлар и ана шундай  мураккаб даврларда синовдан ўтади ва яққол намоён бўлади.

Тадбир сўнгида, ТошВМОИнинг “Маънавият тарғибот” Маркази раҳбари доцент Маматова Нодира Мухтаровна сўзга чиқди, санъаткорларга институт ректорати ва жамоаси номидан чуқур миннатдорчилик билдириб,   тадбирни якунлади. Тингловчи шифокорлар томонидан санъаткорларга гуллар тақдим этилди. Педиатрия факультети учун ўтказилган мазкур маънавий маърифий учрашув республика шифокрлар ва институт жамоасида катта таъссурот қолдирди.