Ўзбекистонда грипп тарқалишига қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилинди

Жорий йил 1 августга қадар муддатда Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси билан биргаликда грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш, даволаш бўйича мақсадли илмий-тадқиқот фаолиятни ташкил этиш, илғор хорижий илмий ишланмаларни ва янги юқори самарали воситаларни жорий этиш тажрибасини ўрганиш, кейинчалик инновацион ишланмалар натижаларини соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этиш юзасидан комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган ҳужжатда шундай дейилади.

Шунингдек, 1 сентябрга қадар муддатда Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг ўқув дастурини такомиллаштириш чоралари, жумладан ўқув жараёнига юқори малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда, грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ва даволаш чуқур ўрганилиши амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Ҳужжат билан 2019 йил 1 мартга қадар муддатда 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар тарқалишига қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар дастурининг лойиҳаси ишлаб чиқ​илиши маълум қилинмоқда.

Маълум бўлишича,  Соғлиқни сақлаш вазирлигининг грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ва даволаш соҳасидаги ишлари қониқарсиз, деб топил​ган. Шунга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа масъул идораларнинг грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар тарқалишига қарши курашиш бўйича асосий вазифалари​ қайта белгилаб берилган:

– умумжаҳон ва минтақавий санитар-эпидемиологик ҳолатнинг доимий таҳлили ҳамда мониторингини олиб бориш, мамлакатда грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг тарқалиши тенденциялари ҳамда кенг тарқалиши мумкин бўлган ҳолатларни прогноз қилиш;

– грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар муаммолари бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда уларни мувофиқлаштириш, вакциналар, вирусга қарши воситалар ва ҳимоя воситаларининг, ушбу касалликларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ҳамда даволашнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

– соғлиқни сақлаш муассасалари ва аҳолини зарур ҳажмда долзарб вакциналар, вирусга қарши воситалар ҳамда шахсий ҳимоя воситалари билан ўз вақтида таъминлаш ва уларнинг захирасини шакллантириш;

– грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг комплекс профилактикасини, биринчи навбатда, юқтириш ва оғир оқибатларга чалиниш хавфи юқори бўлган аҳоли тоифасининг умумий вакцинациясини ташкил этиш орқали амалга ошириш;

– кенг тарқалиши мумкин бўлган грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг илк эпидемиологик белгиларини аниқлаш ва келгусида аҳоли ўртасида касалланишни камайтириш учун комплекс шошилинч чора-тадбирларни амалга ошириш.