Шавкат Мирзиёев 2018 йил номини эълон қилди

 2017 – йил 22 декабр куни Симпозиумлар саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномаси э`лон қилинди.

Йиғилишда парламент раҳбарияти ва а`золари, Ўзбекистон ҳукумати, вилоятлар ҳокимлари, аккредитациядан ўтган дипломатик корпуслар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев йиғилишда нутқ сўзлади. Президент кириб келаётган янги — 2018 йилни Ўзбекистонда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб э`лон қилишни таклиф этди.

Ўзбекистон Президентининг бу таклифи йиғилганлар томонидан гулдурос қарсаклар билан қўллаб-қувватланди.

«Бу масала бўйича кўп ўйладик, кўп маслаҳатлашдик. Йил давомида келган кўплаб мурожаатлар, фикр-мулоҳазалар э`тиборга олинди. Иш ўринларини яратмасак одамлар биздан рози бўлмайди, кўп муаммолар бор йўл йўқ, свет, газ йўқ, ногиронлар қанча, ҳаммасини яшириб юрдик-ку? Ном қўйишда жуда ўйладим, натижа бериши керак, чиройли қилиб кўчага ёзиб қўйиш эмас бу.

Мен янги – 2018 йилга юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили , деб ном беришни таклиф этаман.

Янги фикр, ғоя, инновация бўлмаса, кейинги кунда юта олмаймиз, ҳар бир ҳоким буни билиши керак», деди президент.

Ма`лумот учун, Ўзбекистонда 1997 йилдан бошлаб ҳар бир йилга шу давр ичида тараққиётнинг муҳим йўналишларини ифода этадиган ном бериш ан`анага айланган. 1997—2017 йиллар оралиғида йилларга қуйидагича ном берилган:

2017 йил — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»
2016 йил — Соғлом она ва бола йили
2015 йил — Кексаларни э`зозлаш йили
2014 йил — Соғлом бола йили
2013 йил — Обод турмуш йили
2012 йил — Мустаҳкам оила йили
2011 йил — Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили
2010 йил — Баркамол авлод йили
2009 йил — Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили
2008 йил — Ёшлар йили
2007 йил — Ижтимоий ҳимоя йили
2006 йил — Ҳомийлар ва шифокорлар йили
2005 йил — Сиҳат-саломатлик йили
2004 йил — Меҳр ва мурувват йили
2003 йил — Обод маҳалла йили
2002 йил — Қарияларни қадрлаш йили
2001 йил — Оналар ва болалар йили
2000 йил — Соғлом авлод йили
1999 йил — Аёллар йили
1998 йил — Оила йили
1997 йил — Инсон манфаатлари йили

Манба:  http://kun.uz