Гемотология институтида ўзак ҳужайралар трансплантацияси ўзлаштирилди

Гемотология институтида ўзак ҳужайралар трансплантацияси ўзлаштирилди

Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институтида қон ўзак ҳужайралари трансплантацияси бўйича жарроҳлик амалиётини ўтказиш ўзлаштирилди.

Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институтида қон ўзак ҳужайралари трансплантацияси бўйича жарроҳлик амалиётини ўтказиш ўзлаштирилди, дея ҳабар қилди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот ҳизмати «Газета.uz”га.

2017 илмий-тадқиқот институти олимлари оғир қон хасталигига чалинган беш нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатди. Аутотрансплантация усули (бемор ўзига ўзи донор бўлиш) қўлланилди. Мазкур усул лимфома ва миелома касалликларида қўлланилади. Бундай касалликларда беморнинг асосий ўзак ҳужайралари соғлом ҳолатда қолиб, жарроҳлик амалиётини уларни беморга қайта ўтказиш орқали амалга оширилади. Ҳозирда Қайта операция қилинган беморлар тузалиш жараёнида.

Лейкознинг ўткир шаклларида беморга донор зарур (аллотрансплантация). Ўзбекистон олимлари айни пайтда мазкур усулни амалиётга тадбиқ этишга тайёргарлик кўрмоқда, дея ҳабар қилди институт молекуляр тиббиёт ва ҳужайра технологиялари бўлими мудири Ҳамид Каримов.

«Аллотрансплантация усули ҳозирда Ўзбекистонда амалга оширилмаяпти. Жорий йилда «Инсон аъзолари, тўқима ва ҳужайралари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши лозим. Биз шуни кутаяпмиз», — деди у «Газета.uz”га.

Келгусида донорлик ёрдамига бўлган эҳтиёжни ўзак ҳужайралар банкини яратиш орқали тўлиқ қоплаш режалаштирилган.

Ҳамид Каримовнинг таъкидлашича, қон ўзак ҳужайралари трансплантацияси бўйича операцияни ўтказиш давлат ёрдами ва Туркия халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (TIKA) гранти асосида амалга оширилди.

«Бизда операция бепул. Германияда бундай операция 150 минг евро, Туркияда — 100 минг долларгача туради. Етарли даражада молиялаштирилсак, йилига 15−20 кишини операция қила олар эдик. Бунинг учун биз аралаш молиялаштиришга ўтишимиз керак. Ҳозирда институтимизда тўлиқ давлат томонидан молиялаштирилади», — деди у.

Янги технологияларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида институт қошида Гемопоэтик ўзак ҳужайраларни даволаш маркази ташкил этилди. Мазкур усулни ўзлаштириш учун 35 нафарга яқин мутахассис — гематологлар, врачлар, лаборантлар ва ҳамширалар — Туркия, Германия, Россия, Чехия ва АҚШда малака ошириб қайтди.