Ishonch telefoni:
+998 71 268-17-44
Шавкат Мирзиёев Кўксаройда давлат мукофотларини топширди
29.12.2020    11:59 1167 Чоп этиш

Шавкат Мирзиёев Кўксаройда давлат мукофотларини топширди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатор фармонларига мувофиқ, мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Бугун, 28 декабр куни Кўксаройда мукофотларни топшириш маросими бўлди.

Давлат раҳбари мукофотланганларни табриклаб, уларга ўзининг юксак эҳтиромини билдирди.

«Биз кейинги йилларда яхши анъанани йўлга қўйиб, юртдошларимизга мукофотларни байрам кунида топшириб келаётган эдик. Афсуски, бу йилги пандемия шароитида одамларимизнинг соғлиғини асраш учун ушбу хайрли тадбирни бироз кейинга суришга тўғри келди. Эзгуликнинг кечи йўқ, дейдилар. Насиб этган экан, мана бугун сизлар билан Янги йил байрами арафасида юзма-юз кўришиб, дийдорлашиб турибмиз», – деди Шавкат Мирзиёев.

 

 «Дунёда инсон ўзини қачон бахтли деб билади? Буюклик нимада? Элга ҳалол, пок меҳнат қилиб, натижаси мана шундай мукофот бўлганда. Бу ерда ўтирганлар бугунги куннинг қаҳрамонлари, мардона халқимизнинг буюк вакиллари», – дея таъкидлади президент.

Юртдошларимизнинг фидокорона хизматларини муносиб эътироф этиш мақсадида бу йил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган геолог» фахрий унвони, «Олий Даражали Дўстлик», биринчи ва иккинчи даражали «Саломатлик» ҳамда «Фахрий мураббий» орденлари, «Соғлом турмуш» медали каби янги давлат мукофотлари таъсис этилди.

Бундан ташқари, «Меҳр-саховат» кўкрак нишони жорий қилиниб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшган қарийб 25 минг ватандошимиз ушбу мукофот билан тақдирланди.

Айни кунларда жойларда юзлаб ҳамюртларимизга ана шу фахрий унвон, орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.

Давлат раҳбари мукофотланган барча ватандошларимизга йиғилганлар номидан табрик йўллади.

Шундан сўнг мукофотлар тантанали равишда топширилди. Мукофотланганлар орасида Тошкент Врачлар Малакасини Ошириш Институти ректори Хабибулло Акиловнинг хам борлиги бизга ва барча тиббиёт ахлига булган эхтиромни англатди.

Мукофотланганлар юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.