Ишонч телефони:
+998 71 268-17-44
“Жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш” кафедрa фаолияти
07.10.2021    10:56 208 Чоп этиш

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг

2021 йил 26 майдаги 114-сон буйруғи ижроси бўйича

 

Жаҳонда соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш амалиётини такомиллаштириш, тиббиёт соҳаси фаолияти самарадорлигини ошириш мамлакатларнинг мураккаб ижтимоий-иқтисодий тизими салоҳиятини юқори даражага кўтаришнинг зарурий шартларидан бири ҳисобланади. Ушбу жараённи ташкил этишда мамлакатларнинг ривожланиш даражасига қараб аҳоли соғлиғини сақлаш масалаларига ёндошув ва молиялаштириш тартиблари ҳамда унинг натижаларини ҳисобга олиш бир-биридан фарқ қилади. Бу эса, аввало, тиббиёт соҳасини давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш билан изоҳланиб, доимий равишда тиббиёт муассасалари фаолиятини молиялаштириш амалиётини такомиллаштиришнинг зарурий шартларидан бири эканлигидан далолат беради.

Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5590-сон Фармони ҳамда 2020 йил 12 ноябрдаги «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4890-сон Қарори асосида соғлиқни сақлаш соҳасидаги эскирган сметали молиялаштириш тизими ўрнига, замонавий халқаро амалиётга мос келадиган, аниқ механизмларига асосланган, молия ресурсларининг самарали ишлатилишига ва соҳада устивор йўналишларни кўзлайдиган молиялаштиришнинг янги  тизимини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур масалаларни жойларда муносиб ҳолда бажариш, соҳага давлат бюджетидан ажратилган ҳамда пуллик тиббий хизматлардан топилган маблағларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш, мақсадли ҳисоб-китоб тизимини ташкил этиш ва уларни узлуксиз юритиш, давлат бюджетидан ажратилган маблаларни беморлар қатнови ёки даволанган ўринлар ҳисобига кўра тақсимлаш орқали молиялаштириш самарадорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу мақсадларни амалга оширишда тизим муассасалари раҳбарлари билан биргаликда бухгалтерия ҳисоби ходимлари ҳамда иқтисодчилар зиммасига ҳам улкан вазифаларни юклаб, соҳага оид ислоҳотларни амалда қўллашда уларнинг ҳам касбий малака ва кўникмаларини ошириш долзарб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2021 йил 26 майдаги “Даволаш-профилактика муассасаларининг раҳбарлари ва бухгалтерия хизмати раҳбар ходимларини малакасини ошириш бўйича махсус ўқув курсини ташкил этиш тўғрисида”ги 114-сон буйруғи айнан юқорида келтирилган мақсадларни кўзлаган, тизимда молиявий соҳага дахлдор бўлган ходимлар малакасини, тажрибасини оширишга хизмат қилиб, 2021-2022 йиллар давомида тизим муассасаларида хизмат қилаётган 1350 нафар раҳбар ва бухгалтерия хизмати раҳбар ходимларини малакасини ошириш белгиланган.