Ишонч телефони:
+998 71 268-17-44
"Прeзидент сайлови - Келажак танлови"
26.10.2021    08:13 164 Чоп этиш

ПРЕЗИДЕНТ СAЙЛОВИНИНГ НAТИЖAЛAРИ ЕЬЛОН ҚИЛИНДИ

  Куни кеча бўлиб ўтган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларининг дастлабки натижалари эълон қилинди. Алишер Навоий номидаги симпозиумлар саройида сиёсий партия етакчилари ва ОАВ иштирокида сайлов якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев сайлов якунлари бўйича ҳисобот берди.

   Мазкур президент сайлови илк бор 2019 йилда қабул қилинган “Сайлов тўғрисидаги кодекс” асосида ўтказилди. Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришларга кўра, энг аввало, сайлов жараёнида иштирокчилар, сиёсий партиялар, ОАВ ҳамда кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Пандемия шароитида сайловчилар саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш учун барча шарт-шароитлар яратилди. Президент сайловларини 20га яқин халқаро ташкилотлари, 50 яқин хорижий давлатлардан, жами 100 га яқин хақаро кузатувчи ҳамда 1672 нафар маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари бевосита кузатиб, ёритиб боришди. Мамлакатимизнинг 207 та туман ва шаҳар сайлов участкаларида 414 та видеокамера орқали миллионлаб кузатувчилар учун онлайн трансляция амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида сайловчилар рўйхатига киритилган 20 158 907 нафар сайловчилардан ва чет элларда овоз берган юртдошларимиз билан бирга ҳисоблаганда жами 16 212 343 нафар сайловчи иштирок этди. Бу сайловчилар умумий сонининг 80.4% ташкил қилади.  424 176 нафар сайловчи жорий йилнинг 14 октябридан 20 октябргача бўлган даврда муддатидан олдин овоз берган. Сайловда консуллик рўйхатида турган ёки турмаганидан қатъий назар хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимиз 37 та давлатда ташкил этилган 54 та сайлов участкасида овоз бериш имкониятига эга бўлишди.

 

Сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодлар сайловчиларнинг қуйидаги миқдордаги овозига эга бўлди:

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод – Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов – 3.4%;

Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод – Нарзулло Наимович Обломурадов – 4.1%;

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод – Алишер Келдиевич Қодиров – 5.5%

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод – Максуда Азизовна Варисова – 6.6%;

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод – Шавкат Миромонович Мирзиёев – 80.1%.

  Ўзбекистон Республикаси “Сайлов кодекси”га кўра, сайловчиларнинг 50% ортиқ овозига эга бўлган номзод Президент деб сайланган топилади. Юқоридаги маълумотларга таяниб,  Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловчиларнинг энг кўп овозига эга бўлиб, ишончли равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани маълум қилинди.