Шрифт ўлчами: A A A
Фон ранги: A A
Ишонч телефони (+998 71) 268-17-44
Электрон почта info@tipme.uz

ТХКМРМ Тарихи

Тарихий маълумотларнинг гувоҳлик беришича, Ўзбекистон республикаси ўз фаолиятининг биринчи қадамларидан бошлаб, иқтисодий масалалар билан бирга халқ саломатлигини сақлаш ва касалликларни камайтиришга қаратилган ишларни амалга ошира бошлади. Республика халқ комиссарлари Кенгашининг махсус қарорида “Аҳолининг саломатлиги, унинг юксак жисмоний ва маданий кучларининг муҳим гаровидир. Тиббий ёрдам ўзининг бутун илмий ютуқлари билан ҳар бир киши учун хизмат қилиши керак. Фақат шаҳарларгагина эмас, балки қишлоқ жойларга ҳам етиб бориши зарур” дейилган эди.

Хукумат қарорини ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги 1926 йил май ойида, вилоят  соғлиқни сақлаш бўлимлари ходимларини съездини чақирди. Унда соғлиқни сақлашнинг долзарб масалалари: безгак касалликларига қарши кураш учун республика санитария ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, ҳамда эпидемиологик касалликлар профилактикаси масалалари кўриб чиқилди.

Ўша пайтгача мавжуд бўлган Москва, Ленинград ва Қозон шаҳридаги шифокорларнинг малакасини ошириш институтларига кам сонли шифокорлар юборилар эди.. Ҳар бир ўқиш муддати 15-30 кун давом этар эди. Энг муҳими у ерда касалликларнинг худудий хусусиятлари ўрганилмаган. Ўрта Осиё республикалари шифокорларининг малакасини оширишга бўлган эҳтиёжи ортиб бориши туфайли республиканинг ўзида врачлар малакасини оширишни ташкил қилиш долзарб ва мақсадга мувофиқ деб топилди.

1932 йил 22 июндаги ВКП МК Ўрта Осиё бюросининг №459 Қарорига мувофиқ Тошкент шаҳрида Ўрта Осиё врачлар малакасини ошириш институти ташкил этилди. Бу эса, 1926 йили  соғлиқни  сақлаш халқ комиссарлиги томонидан кўтарилган долзарб масаланинг амалдаги ечими бўлди.

Институтнинг асосий вазифалари анча мураккаб бўлиб, жуда катта худуд бўйлаб шифокорларнинг малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш ва ихтисослаштириш, соғлиқни сақлаш тизимига раҳбарлар ҳамда ташкилотчиларни тайёрлаш, миллий кадрларни тарбиялаш билан бирга республикада илмий салоҳиятни янги босқичга кўтаришдан иборат эди.

Бундан ташқари, институт жамоаси ўша даврларда Туркистон аҳолисининг ҳаётига хавф солиб турган ўта хавфли юқумли касалликларни олдини олиш ва даволаш бўйича назарий ишланмалар ва қўлланмаларни яратиш ҳамда амалиётга тадбиқ этиши лозим эди.

Таълимнинг биринчи йилида яъни бошланғич даврида, кафедраларнинг фаолиятини шакллантириш ва моддий техник базасини яратиш, ўқув ва илмий ишларни режалаштириш ва ташкиллаштириш учун барча имкониятлар ишга солинди. Натижада илм маскани ташкилий масалаларнинг турли қийинчилигига қарамасдан, дипломдан сўнгги тайёрлашни 1933 йилдаёқ мавжуд бўлган 6та кафедрада бошлади. Шу йили институтда биринчи бўлиб 84 нафар шифокор-тингловчи  керакли  мутахассислик бўйича малака оширди. Йил сайин янги кафедралар очилиб, тингловчилар сони ортиб борди. 1933 йилдан то 1940 йилгача институтида 1.330 нафар шифокор ўз малакасини оширди.

1941 -1945 йилларда институт жамоаси ўз фаолиятини давр  талабини адо этишга қаратди. Тиббиёт ходимларини тайёрлаш 5,5 маротабага кўпайди. Фронт ва эвокогоспиталлар эҳтиёжи  учун 4585  нафар шифокор тайёрланди.

Урушдан кейинги йилларда шифокорларни тайёрлаш ва малакасини ошириш кўлами ортиб борди. 1960 йили - 1024 шифокор, 1965 йили – 2211 шифокор, 1975 йили – 3031 шифокор ва 1981 йили 5000 шифокор тайёрланди.

Институтнинг биринчи директори - профессор Моисей Ильич Слоним (1932-1938)  бўлган.

Институт ташкил этилган 1932 йилдан то 2017 йилга қадар 11 киши: Игрон Самуил Маркович (1938-1941), Видутский Моисей Яковлевич (1942-1945), Жўра Саидович Пўлатов (1946-1953), Маҳамат Бобожонович Султонов (1953-1957), Зияд Аминович Долимов (1957-1960), Маннап Атаматович Мирзамуҳамедов (1960-1963),  Ҳамидулла Ҳусанович Ҳусанов (1963-1979), Қаюм Собирович Зоиров (1979-1984), Абдуманнон Раҳманович Раҳимжонов (1984-1997), Жўрабой Маърифбоевич Собиров (1997-2017) ректорлик лавозимида ишлаганлар.

Институт тамал тошини қўйган, уни ташкил этишда, пойдеворини мустаҳкамлашда ва шу билан бирга уни йирик ўқув ва илмий марказга айлантиришда ўзларининг беназир улкан ҳиссаларини қўшган инсонларнинг хотиралари жамоада фахр билан эсланади.

Баркамол инсон, дунё таниган, собиқ Иттифоқда биринчилардан бўлиб, пульмонология кафедрасни ташкил қилиб, мактаб яратган олим, тиббиёт фанлари дорктори, профессор,Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги Убайдуллаев Абдулла Мухаррамович институт раҳбарлари ҳақида:  « Мен шу муқаддас даргоҳда ишлаётганимга 68 йил бўлди. 1958 йилда тиббиёт институтини тугатиб ТошВМОИ терапия кафедрасида клиник ординатурда ва аспирантурада таҳсил олдим. Институт ректори З.А. Долимов мени клиник ординатурага, пульмонология кафедрасига ишга қабул қилган.  У жуда ақлли, зийрак ва олижаноб инсон, ёшларга тўғри  йўл кўрсатишда вақтини ҳеч аямаган, энг зўр тоза одам эди.

М.А.Мирзамухамедов-  раҳбар бўлган даврларда мен ассистент,доцент сифатида меҳнат фаолиятимни давом эттирдим.

Ҳ.Х.Хусанов -  раҳбар сифатида одамларни одами бўлган. Мени терапия факультетига деканликка чақирганлар. 1975-1986 йилларда даволаш факультети декани бўлиб ишладим.

Қ.С.Зоировнинг мураббийлик фаолияти асосан ўзи ректорлик қилган Тошкент врачлар малакасини ошириш институти билан боғлиқ.1963 йили унинг ташаббуси билан институтда Умумий гигиена кафедраси ташкил топди.  Шуни алоҳида айтиб ўтиш зарур деб биламан. Профессор Қ.С.Зоиров Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири лавозимида фаолият юритаётган вақтларида ТВМОИда “Клиник пульмонология” кафедрасини ташкил қилишда менга СССР соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари академик Ю.Ф.Исаковга илтимоснома яъни ТВМОИ таркибида янги кафедра “Клиник пульмонология” Ўзбекистон учун пахта далаларида меҳнат қилаётган аҳоли орасида бронх –ўпка касаллиги кўп эканлиги сабабли ташкил қилиш кераклигини кўрсатиб, илтимоснома ёздилар.

Мен, Москвадан яъни 1977 йил 18 августида 796 сонли  (Об организации кафедры  пулмонологии в ТашИУВ) буйруқ олиб келдим. Ушбу буйруқ асосида Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида «Клиник пульмонология» кафедраси ташкил топди.

Устоз врачлар малакасини ошириш ишининг сифатли бўлишини таъминлаш учун зарур шароитларни яратишга жон-жахти билан ҳаракат қилиб, марказдан институт учун янги бино қуришга руҳсат олиб унинг пойдеворини қурдирган. Қаюм Собировичга тўғрисўзлик, ҳалоллик, адолатлилик, тиббиёт фанига оид муҳим масалаларни ҳал қилишда қатъиятлилик, талабчанлик сингари фазилатлар ҳам хосдир.

Рахимжонов Абдуманнон  Рахмонович - Ўзбекистонда атоқли невролог олим ва қаттиқўл раҳбар, меҳрибон, меҳр-мурувватли, тўғрисўз, аммо чўрткесар инсон эдилар.

Истеъдодли раҳбарнинг яна бир ижобий хусусиятлари бор эди. Ҳар бир ёш мутахассисда қобилиятни, имкониятни кўра билиб, янги фикрлар, ғоялар берардилар. Бирон бир муаммо билан мурожаат қилсангиз, у киши албатта ёрдам берардилар.

Абдуманнон Рахмоновичнинг илмий-амалий ва ташкилотчилик фаолиятлари кўп қиррали ва кенг кўламлидир. Бу, айниқса, ТошВМОИнинг асосий биноси ва врач-курсантлар учун ётоқхона қуриш ишлари бошланганда яққол намоён бўлди. Ҳеч бир раҳбар  бундай оғир ишни қилган эмас.

Собиров  Жўрабой Маърифбоевич – соғлиқни сақлаш тизими ва тиббий таълимнинг йирик ташкилотчиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Россия тиббий-техника академиясининг ҳақиқий аъзоси.

1989 йилда Ж.М.Собиров ташаббуси билан “Шошилинч ва тез тиббий ёрдам” кафедраси ташкил этилди ва ушбу кафедрага унинг ўзи раҳбарлик қилган.   1992 йилда анестизиология ва реанимация ҳамда шошилинч ва тез тиббий ёрдам кафедраси бирлаштирилди, унга раҳбар этиб профессор Ж.М.Собиров тайинланди.Ҳозирда улар яна алоҳидадир.

1997 йил апрелдан Ж.М.Собиров ТошВМОИ ректори этиб тайинланди, унинг ташаббуси билан ҳар йили республикамизнинг етакчи мутахассислари ҳамда яқин ва узоқ хориждан келган олимлар билан ҳамкорликда илмий-амалий анжуманлар, семинарлар ўтказиб, янги яратилган технологиялар, дори воситалари амалий тиббиётга жорий этиб келинди.

Акилов Ҳабибулла Атауллаевич - тиббиёт фанлари доктори, профессор. 2003 -2017 йиллар мобайнидаТошВМОИ ўқув ишлар бўйича проректори вазифасида ишлади. Ўша йилдан ҳозиргача Хирургия ва болалар хирургияси кафедраси мудири лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда. Юқори малакали шифокор, тажрибали хирург, абдоминал хирургия усулларини чуқур ўзлаштирган. Болалар патологиясида шошилинч ва режали хирургик операцияларни тўлиқ олиб боради, халқ ибораси билан айтганда қўли енгил жаррох.

Акилов Х.А. бугунги кунда институт раҳбари сифатида узлуксиз таълим тизимини мукаммаллаштириш, унинг миллий асосларини мустаҳкамлаш, таълим ва тарбия жараёнини жаҳон андозаларига жавоб бера оладиган даражада ташкиллаштиришга харакат қилмоқда» – деб ўз фикр мулоҳазаларини билдирдилар.

Тиббиёт фанлар номзоди, доцент  Маматова Талиха Шукуровнанинг дил сўзлари:

«Ушбу муқаддас олий даргоҳда 50 йил мобайнида фаолият олиб бормақдаман. 1972 йили мени аспирантурага кириш учун ёзган аризамга имзо қўйган институт ректори доцент Х.Ҳ.Хусанов бўлса, кейинчалик профессорлар: Қ.С. Зоиров, А.М.Рахимжонов, Ж.М.Собиров ва ҳозирда профессор Х.А.Акилов қўл остида ишламоқдаман.

Мен бу институт, оториноларингология кафедрасида жуда катта педагоглик, мутахассислик, илмий ходим, ёшлар устози мактабидан ўтдим. Чунки мен фаолият кўрсатаётган кафедрада на фақат Ўзбекистонда балки, собиқ Иттифоқда машҳур оторинолоринголог профессорлар - К.А.Дреннова, Э.А.Ладиженская, Г.Т.Ибрагимов ва яна бир қатор тажрибали доцент, ассистент педагоглар ишлаган. Бутун иш фаолиятимда уларнинг маслаҳати катта йўлланма бўлган ва ёрдам берган. Ўз иш фаолиятим давомида нафақат назарий педагогика, балки амалиёт билан ҳам шуғулландим. Ёшларни илмга чорладим. 3 нафар тиббиёт фанлар  номзоди шогирд тайёрладим, 4 - эса ёқлаш арафасида. 200 дан ортиқ илмий мақолалар чоп этдим.

Кейнчалик ҳам кучим борича шу даргоҳда ҳар томонлама «лаббай» деб фаолиятимни давом эттиришга тайёрман. Шундай олийгоҳ ва табаррук Отоларингология кафедраси ташкил этилганига 90 йилдан ошди. Ушбу кафедра аъзоси бўлиб фаолият кўрсатаётганимдан фахрланаман».

Тиббиёт фанлари доктори, профессор, Россия ва Нью-Йорк Фанлар академиялари академиги,Қирғизистон Республикаси Миллий фанлар академияси фахрий академиги,Республикада хизмат кўрсатган врач Баҳромов Саиджалол Маҳмудович мулоҳазаларига эътибор қаратайлик:

«ТВМОИда 1985-2016 й.й. гематология ва трансфузиология  кафедраси мудири, 2016 йил охиридан кафедра профессори лавозимларида ишлаб келмоқдаман. Ушбу малака ошириш олий ўқув масканида 40 йил мобайнида фаолият олиб бормоқдаман. Кафедра мудирлигига ўқувчим, тиббиёт фанлари доктори, талантли ёш мутаҳассис олим Э.Ж. Исхаковни тавсия этганман ва у ўз вазифасини шараф билан адо этмоқда.

ХХ аср, ўзидан олдинги ўн тўққиз аср бермаган ўта янги кашфиёт, ихтиро хамда жуда кўп бошқа янгиликларни туҳфа қилиб, дунё тарихига олтин ҳарфлар билан илмий-техникавий инқилоб асри деб михланди ёхуд ёзилди. Бу афсонавий аср бизнинг жонажон диёримиз Ўзбекистонга ўз заррин нурларини таратди ва шу боис унинг бағрида қувончли одимлар бошланди.

Жумладан, 1919 йилда собиқ Иттифоқ пойтахти Москвада биринчи бор Тошкентда очилиши мўлжалланган Туркистон Университети ташкилий қумитаси тузилиб, унга, кейинчалик академик, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Александр Николаевич Крюков жалб этилади. Бу улуғ зот 1920 йилда очилган юқоридаги (ҳозирги Миллий) Университет таркибидаги тиббиёт куллиёти директори этиб тайинланади. Ана шу кезларда халқ соғлигини сақлаш ишининг келажаги учун қайғурган бу машҳур шифокор, педагог-олим бўлажак хамкасбларнинг вақтида малакасини ошириш маскани яратилишини кун тартибига қўя бошлагани маълум. Бундай орзунинг ушалганига 95 йил тўлиши арафасидамиз, иншо-оллоҳ. Ўтган даврларда ТВМОИни анча-мунча таниқли шифокор-ташкилотчи олимлар бошқариб, ўз салмоқли ҳиссаю-улушларини қўшганлар деб айта оламиз.

Бу ерда, бизнинг кўз ўнгимизда ТВМОИда раҳбарлик бурчини ўтаган ва ўтаётган ташкилотчи педагог-олимлар тўғрисида ҳолисона қисқагина сўз юритмоқчимиз.

Зоиров Қаюм Собирович – профессор, иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси, Ўзбекистон соғликни сақлаш вазири лавозимида ишлаган ва ТВМОИ ректори бўлган. Камина Ўзбекистон ССВ Илмий Кенгаши раиси ўринбосари вазифасида ишлаган пайтимда (1982-1984 й.й.) институт фаолиятидан бохабар ва унинг раҳбари билан кўришиш ҳамда суҳбатлашишга мушарраф бўлган. Устоз Қаюм  Собирович кишига тик қараб, очиқ сўзлашувчи, салобатли ва вазмин инсон эдилар. Унинг бир сўзлиги, адолат пешалиги кишининг диққатини тортар эди.  Қаюм Собирович врачлар малакасини ошириш ишининг сифатли бўлишини таъминлаш учун зарур шароитларни яратишга жон-жахди билан ҳаракат қилувчи арбоб эдилар.

Рахимжонов Абдуманнон Рахмонович – атоқли невролог олим. Ул зот машхур олимлар Я.Я. Гордон ва профессор Шерешевскийларнинг издоши, яратувчан олимлиги туфайли Ўз ФА академиги этиб сайланган етук шифокор ва ташкилотчи-олим даражасига кўтарилган шахс эди. А.Р. Рахимжонов харакатлари заминида ТВМОИ бош иншоати (янги корпус) ва талабалар ётоқхонаси қурилишлари якунига етказилди. Абдуманнон Рахмонович асосий институт ва унинг Самарканд ва Андижон филиаллари кадрлари ва ишлари ҳолатига алоҳида эътибор берган раҳбар эди.

Собиров  Жўрабой Маърифбоевич профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тиббиёт ходими, Тошкентдаги улкан институт ТВМОИнинг бешигини 20 йил тебратган моҳир ташкилотчи, педагог-олим. Доимо янгиликка интилувчи, суҳбатдошини  эътибор билан тинглаб, унинг фикр-ғояларини тез билиб олиб, уларни қўллашга интилувчи раҳбарлик фазилатларига эга. Бутун вужуди билан  ўзи бошқарган ТВМОИ фаолиятларининг барча жабҳалари ривожига эътиборда бўлганликларини биламиз. Ва ниҳоят, Ж.М. Собировни Ўзбек тиббиётини ўта муҳим соҳаси ҳисобланмиш реанимация ва анестезиологиянинг  тикланишига ва ривожланишига замин яратган ташкилотчи-олим деб ҳисоблаш лозим.

Акилов Ҳабибулло Атауллаевич – тиббиёт фан доктори, профессор. Бу ерда, кези келганда, шуни алоҳида қайд этмоқчимизки, илмда ва ҳаётнинг муҳим йўналишларида муҳим ва катта ривожланишни тегишли мактаблар бор жойдагина кутиш мумкин, чунки уларда илғор ғоялар, тажрибалар эстафетаси мавжуд бўлади Ҳабибулло Атауллаевич бу борада қўшалоқ мактаб ўтган кишидир. Биринчидан у таниқли олим, ташкилотчи падари бузруквори профессор Атаулло Тўраханович мактабини ўтаган. Иккинчи 20 йилга яқин вақт ичида ректорлар Қ.С. Зоиров, А.Р. Рахимжонов меросидан баҳраманд бўлиб, ва айниқса, Ж.М. Собиров билан яқин ҳамкорикда фаолият олиб бориб, ўз тажрибасини бойитган. Қолаверса, Ҳабибулло Атауллаевич Ўзбекистонда профессор К.Х.Тагиров асос солган болалар жарроҳлик мактаби давомчиси ва уни яна юқори поғонага кўтара олган моҳир хирург-олимдир. У ҳозирда врачлар малаксини ошириш ишини жаҳон андозалари даражасига етказиш учун бор куч-ғайратини сарфлашга интилмоқда. Меҳнатлари хайрли бўлсин».

Академик олимлар В.Воҳидов ва Ф.Ғ.Назировнинг иқтидорли шогирдларидан бири Ҳабибулло Акиловдир. Таниқли олим малакали хирург, кўп тармоқли мутахассис, 500 дан ортиқ илмий мақолалар, 4 та монография ва бир неча авторлик шаходатномалар, услубий таклифлар муаллифидир.  Мураббий сифатида ҳам иззат-хурмат қозониб,  умумий хирургия ва болалар хирургияси бўйича 10 та фан доктори ва 30 та фан номзодини тайёрлади.

Профессор Ҳабибулло Акилов  илмий –педагогик, консультатив –даволаш ишларни ва ташкилотчиликни мувофиқ равишда самарали олиб боради. 1999 йилдан  ҳозирги вақтгача  беш марта Тошкент шаҳар халқ депутатлигига сайланган. Ўзбекистон болалар хирургияси илмий жамиятининг раиси. Россия тиббий -техника фанлар академияси академиги.

Кўп йиллик хизматлари эвазига Ҳабибулло Акилов  хукуматимизнинг юксак мукофотлари - «Соғлиқни сақлаш аълочиси», «Мустақилликнинг 10, 20, 30 йиллиги», « I - даражали меҳнат фахрийси» кўкрак нишонлари билан тақдирланган, «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланди.Ўзбекистон Республикаси “Турон” фанлар Академияси академиги.

Россия Тиббиёт-техника фанлари академиясининг академиги, Ўзбекистонда ультратовуш  диагностикасининг  асосчиси, профессор  Акрам Акмалович Фозиловнинг  фикрларига тўхталамиз:

«1987 йил баҳорида Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг онкология кафедрасига узоқ йиллар раҳбарлик қилган профессор Вали Ғуломович Ходжаев вафотларидан сўнг институт онкология кафедрасига мудирлик лавозимига конкурс эълон қилган. Шу даврда Институт ректори академик Абдуманнон Рахмонович Рахимжонов онкология радиология илмий тикшириш институтини директори академик Наримон Қодирович Муратходжаевга мурожжат этиб институтни етук олимларини конкурсда иштирок этишга таклиф этганлар. Шунда Наримон Қодирович мени яъни Акрам Акмалович Фозилов ва тиббиёт фанлари доктори Арефий Александрович Кочегаров номзодларини таклиф этганлар ва биз иккаламиз шу конкурсда иштрок этиш учун хужжатларни топширганмиз. Конкурс бир қанча узоқ вақт давом этган. Мен  шу даврда СССР фанлар қўмитасини топширғи билан Афғонистон Республикасининг пойтахти Қобул шаҳрида  Ўзбекистонда тиббиёт ривожи ҳақида жуда катта кўргазма ўтказишга тайёргарлик кўраётган вақтим эди.

Конкурс ўтказилган вақтда мен хали Қобулда катта анжуманни ўтказиш тараддуди ва уни яхши ўтказиш жараёнига кўргазма директори сифатида раҳбарлик қилган бўлсам мана шу Афғонистонга Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири профессор С.М. Баҳромов раҳбарлигида академик Ё.Х.Тўрақулов, профессорлардан Т.А. Даминов, Андижондан профессор Мирзаев ва яна Тошкент врачлар малака ошириш институтидан Ш.Х.Ходжаев ва бошқа етук олимлар иштирок этиб, Афғон-Ўзбекистон дўстлигига жуда яхши тамал тоши қўйиб келинган. Ўша ерда яшаётган ўзбек зиёлилари билан учрашув ўтказиб жуда яхши фикрлар билдирилган.

Мен конкурсда ўзим шахсан иштрок этмаганман лекин 1987 йил октябрь ойини охирида шу конкурсда мен онкология кафедрасига мудир этиб тайинланганман. Албатта онкология кафедрасига мудирли қилиш Тошкент врачлар малака ошириш институтида ишлаш мен учун жуда катта шараф ва масъулият эди. Шараф ва масъулият шундан иборатки ушбу институт собиқ Иттифоқда ўзини етакчи ўрнига эга. Бу института етук академиклар И.Қ.Мусабаев, Ш.А.Алимов, мана ҳозирги кунда фаолият олиб бораётган академик А.М. Убайдуллаев, академик С.М.Баҳромов, академик Ф.Г.Назировлар жамоалари ўша ердан - куртак отган жойдан ҳозирги кунгача ўзини салоҳиятини юқори ушлаб турган институтда ишлаш албатта масъулиятли эди.

Ўзаро суҳбатимизда Абдуманнон Рахмонович онкология кафедрасини ишларини янада ривожлантириш мақсадида мени олдимга бир қанча вазифаларни қўйганлар. Биринчи навбатда ўсма касаликларни  барвақт аниқлаш уларни замонавий даволаш усулари қаторида илғор кириб келаётган янги технология яъни жаррохлик усуллари билан бирга химия терапия, нур терапия, ҳозирги жаҳон андозаларига тўғри келадиган стандарт даволаш чораларини ўқув жараёнига изчиллик билан тадбиқ қилиш вазифалари юкланган. Бу вазифаларни амалга оширишда албатта кафедра ходимлари салоҳиятини ошириш ишларига берган ёрдамлари катта қувват берган.

1988 йилда СССР соғлиқни саклаш вазирлиги топшириғи билан Москвадаги марказий врачлар малака ошириш институти ректори профессор Гаврюшов раҳбарлигида институтимизни катта комиссия келиб текширган. Шу текшириш натижасида институтимиз салоҳиятига юксак баҳо берилган ва биринчи даражали институт мақоми берилган. Бу мақомга фақат Ленинград ва Харьков малака ошириш институтлари эга бўлганлар. Шу комиссия текширишлари асосида институтни моддий техник томондан таъминлаш, кадрлар салоҳиятини янада оширишга катта аҳамият берилиши лозимлиги вазифалари келиб чиққан.

1992-1998 йиллар давомида ўқув ишлар соҳаси проректори бўлиб ишлаганман. Бу давр институтимизнинг энг қийин ва масъулиятли даврларидан бири бўлган. Сабаби мустақиллик шарофати билан Ўзбекистонда Кадрлар тайёрлаш Қонуни асосида ўқув-амалий ишларни қайта кўриб чиқиш даври эди. Бу жабҳада Абдуманнон Рахмонович раҳбарлигида институтнинг тажрибали деканлари қимматли маслаҳатлар беришган.

1998 йил 10 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисидаги Фармони ижроси доирасида Абдуманнон Рахмонович бошчилигида бирламчи тиббиёт бўғимини яратиш, қишлоқ врачлик пунктларини тайёрлаш, қишлок оилавий врачларини тайёрлаш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш ва ихтисослашган тиббий хизматни янада ривожлантириш вазифалари бажарилиши бошланди. Бунда қишлоқ оилавий шифокорларини тайёрлаш масаласи Ўзбекистон учун мутлақо янги йўналиш эди. Бу ишларни амалга оширишда айниқса Улуғбек Каримович Қаюмов катта хисса қўшганлар. Бу йўналишда бир неча хил ўқув дастурлари ишлаб чиқилган.  Соғлиқни сақлаш вазирлиги институт томонидан ишлаб чиқилган 10 ойлик ўқув дастури қабул қилинган.

 «Ўзбекистон Қаҳрамони»,  тиббиёт фанлари доктори, профессор Комилов Холиджон Махамаджонович ўз мулоҳазаларини шундай баён қилдилар:

«Тошкент врачлар малакасини ошириш институти офтальмология кафедрасига отам, устозим, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби,  Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган врач, тиббиёт фанлари доктори, профессор Махамаджон Комилович Комилов 1957-1988 йилларда кафедра мудири бўлиб хизмат қилганлар. Менинг шифокор ва олим бўлиб етишишимда отамнинг ва оилавий муҳитнинг аҳамияти катта бўлган.

 1988 йилда отам Комилов Махамаджан Комилович нафақага чиқгандан сўнг, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори академик Рахимжонов Абдуманнон Рахмоновичнинг таклифларига биноан ушбу институтнинг офтальмология кафедрасига мудир бўлиб ишга ўтганман ва шу давргача мудир лавозимида хизмат қилаяпман.

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори бўлиб ишлаган тиббиёт фанлари доктори, профессор Собиров Жўрабой Маъруфбоевич ва ҳозирда фаолият юритиб келаётган тиббиёт фанлари доктори, профессор Акилов Ҳабибулло Атоуллаевич Ўзбекистон Республикасида кўплаб шифокорларнинг қайта тайёрланишига малакаси ва билимини оширишга ҳисса қўшиб, ўқитиш ишларини замонавий босқичга олиб чиқаяптилар...».

«Ўзбекистон миллий энциклопедияси»да бу илм маскани ҳақида шундай сатрлар бор -«Институт Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг олий тиббий мутахассислар тайёрлайдиган базаси ҳисобланади».

Институтда Халқаро семинарлар ва симпозумлар ўтказилади. Институт монография, дарслик, услубий қўлланмалар ва илмий ишлар тўплами нашр этади.

Институт фаолиятининг турли даврларида шифокорларнинг дипломдан кейинги малакасини ошириш ва такомиллаштиришда етакчи олимлар, соғлиқни сақлаш ташкилотчилари: профессор С.А.Агзамходжаев, Н.А.Шаматов, К.Ю.Юлдашев, М.К.Комилов, Н.Қ.Бабаходжаев, Ш.Х.Хўжаев, Р.А.Абдуллаев, З.М.Джамалова, А.С.Зарзар, Г.Т.Ибрагимов, Д.С.Каримов, А.А.Каланходжаев, Х.Н.Муратова, А.Р.Мансуров, Ш.Ш.Шомансуров, Х.А.Алимов, О.М.Мухторов, М.Х.Хамидова, М.А.Исамуҳамедова, Х.Т.Мухамедова, Д.Ф.Каримова, М.Ж.Азизовлар  фидокорона меҳнат қилиб, кўплаб шогирдлар тайёрлаганлар (Оллоҳни раҳмати бўлсин уларга).

2017 йил март ойидан бошлаб Акилов Хабибулла Атауллаевич ўн иккинчи ректор лавозимида, 2021 йил маҳсус қарор билан Тошкент врачлар малакасини ошириш институти – Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш Маркази этиб қайта ташкил этилганлиги муносабати билан ҳозирги кунга қадар директор лавозимида марказни маҳорат билан бошқариб келмоқда.

Марказнинг устувор йўналишлари ўзгарди, бироқ асосий вазифалар шундайлигича қолди, яъни юқори малакали шифокор кадрларни тайёрлашда дипломдан сўнгги тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда услубий таъминотни йўлга қўйишдан иборат.

 Ўз касбига садоқатли, устозлари ишини давом эттириб, кўплаб муносиб шогирдлар тайёрлаб, мактаб яратган ва устоз даражасига кўтарилган забардаст олимлар: академиклар А.М.Убайдуллаев, С.М.Баҳромов, , Ф.Ғ.Назиров,  профессорлар А.А.Фозилов Д.А.Асадов, Ф.С.Шамсиев, Ф.И.Хамрабоева, Д.М.Собиров, М.А.Ғофур-Охунов, Ҳ.А.Акилов, Б.Ғ.Ғафуров, А.Н.Арипов, А.А.Гайбуллаев, Ш.Э.Атаханов, Д.А.Зарединов, А.А.Абдуқодиров, Ш.Б.Иргашев, Ш.Ш.Шамансуров, М.М.Асатова, Ф.Д.Каримова, Г.А.Ибадова,   Л.А.Турсунходжаева, А.В.Фозилов,  Э.М.Миржўраев, Х.Н.Мухитдинова, Э.И.Мусабаев, Х.М.Комилов, М.С.Қосимова, У.Х.Алимовларни фахр билан тилга оламиз ва уларга таъзим қиламиз.

Давлатимиз раҳбарининг кўплаб Фармонлари ва ҳукумат Қарорларида алоҳида таъкидланадики, шифокорларнинг профессионаллиик даражасини кўтаришда ва касбий маҳоратини оширишда узлуксиз таълимнинг аҳамияти беқиёс.

Марказ олимлари соғлиқни сақлаш тизимидаги ходимларни узлуксиз касбий таълимга жалб этиш концепциясини яратди.  Ушбу концепциянинг мақсади – билим ва кўникмаларни кенгайтириш, мустаҳкамлаш, қайта ўрганиш ва уларни амалиётда юқори даражада қўллашдан иборат.

Бугунги кунда узлуксиз таълимнинг кундузги ва масофадан ўқитиш турлари мавжуд. Масофадан ўқитиш амалиёт шифокорлари учун қизиқарли бўлиб, улар ишдан узилмаган ҳолда, йўлга вақт ва сарф-харажат қилмасдан, маошини йўқотмасдан туриб маърузаларни ўзига қулай пайтда ўзлаштиради.

Масофадан ўқитишнинг турли ташкилий-техник вариантлари қўлланилади: махсус сайтлар - Moodle платформаси,  теле-видеоконфереция ёки семинар кўринишида олиб борилади.

Шифокор кадрларнинг дипломдан кейинги асосий тайёргарликларидан бири–тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва профессионаллик даражасини юксалтиришнинг олий шакли бўлган – клиник ординатура Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида кўп даражали узлуксиз таълим тизимининг энг муҳим қисмларидан бирига айланди. Шу маънода  2007 йили институтда клиник ординатура деканати ташкил этилди.

Институт тарихида бундай муҳим қарорни қабул қилинишининг ўзига хос объектив  сабаблари бор эди албатта. Жумладан, биринчидан, институтда ўз хусусий илмий мактабларини шакллантирган юқори малакали илми-амалий   кадрларнинг мавжудлиги; иккинчидан, юқори технологияли ва малакали тиббий хизмат кўрсатишга имкон берадиган сўнгги ўн йилликда ташкил этилган бой моддий-техник база; ва ниҳоят учинчидан, институт олимлари томонидан ишлаб чиқилган ва тегишли тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган клиник ординаторларни ўқитиш Дастурининг мавжудлигидир.

Бугунги кунда Марказ ўз фаолиятида клиник ординатура масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Қонунларига, Президент Фармонлари, қарор ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Олий таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруқларига асосланади. Клиник ординатура фаолиятининг асосий йўналишлари ўқув-услубий, илмий-тадқиқот, даволаш-профилактика ва маънавий-маърифий ишларни олиб боришдир. 

Институт (марказ) қатор хорижий тиббиёт марказлари ва таълим муассасалари билан илмий-амалий ҳамкорликларни йўлга қўйган: Вена тиббиёт университети (Австрия), Грац шаҳри тиббиёт институти (Австрия), Очиқ тиббиёт университети (Австрия), Янги технологиялар ва инновацияларни яратиш ва жорий этишни қўллаб қувватловчи Бранденбург институти (Германия), Тиббий мажмуа университети “Шарите” (Германия), San-Camillo-Forlani Рим шифохонаси(Италия), Онкология экспериментал Университети Witten/ Htrdcke (Германия), Ёнсей Университети стоматология коллежи (Жанубий Корея), С.Д.Асфандияров номидаги Қозоғистон миллий тиббиёт университети, Курск давлат тиббиёт университети (Россия), И.И.Мечников номидаги Санкт-Петрбург давлат тиббиёт академияси (Россия), Россия дипломдан сўнгги таълим академияси (РМАПО), Туркия Мерси университетнинг анестезология ва реаниматология кафедраси, Гессен шаҳри тиббиёт университети (Германия) ва бошқалар.

Халқаро алоқалар бўлими «Тиббиёт ходимлари учун инглиз тили»ни икки босқичли ўрганиш курсининг ташаббускори ва ташкилотчиси ҳисобланади. Машғулотлар Ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси ходимлари томонидан тайёрланган тиббиёт терминларидан иборат қулай ўқув қўлланмалар асосида олиб борилади.

Марказ ходимлари COVID – 2019 га қарши курашиш, касалликка чалинган беморларни самарали даволашда фаол иштирок этдилар. Аммо шафқатсиз вирус институтимиз жамоасининг “Кардиология ва функционал диагностика” кафедраси мудири лавозимида ишлаб келаётган Ярмухамедова Гулнора Хабибовна ва “Ултратовуш диагностика” кафедраси ассистенти Алимардонов Орифжон Рўзимуродовични орамиздан олиб кетди. Улар ўз касбининг фидойиси эдилар.

Бугунги шиддатли замонда, глобалл миқёсда рақобат кучайиб бораётган мураккаб вазиятда юксак интеллектуал салоҳиятга эга кадрларга - айниқса тиббиёт сохаси вакилларига эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ортиб бориши натижасида ўз олдимизга қўйган улкан ва масъулиятли вазифалардан келиб чиқиб, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш Маркази Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этиш учун туб ўзгаришлар олиб борилиши натижасида, Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида аккредитация ва сифатни таъминлаш бўйича Евроосиё маркази (ECAQA) томонидан ECAQA олий ўқув юртидан кейинги ва қўшимча таълим тиббиёт муассасаларини институционал аккредитация қилиш стандартларига мувофиқлигини тасдиқловчи “Халқаро институционал аккредитация Сертификати” қўлга киритилди.

Бу борада ана шундай юксак бурчни аниқ натижалар, амалий ишлар билан оқлангани муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида юртимизда учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида бошланган кенг кўламли ишларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Бугунги кунда бутун дунёда тиббий таълимни янада ривожлантириш, аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашдаги унинг ўрни ва аҳамияти тўғрисида фикр юритилмоқда. Таълим жараёни шифокорларнинг бутун ҳаёти ва фаолияти давомида узлуксиз олиб борилиши лозим.

Марказ жамоаси муқаддас илм даргоҳининг 95 йиллик табаррук ёшини қутлаш арафасида ушбу жараёнларнинг нақадар юксак аҳамиятга эга эканини теран англаган ҳолда, аввало замонавий таълимга кўйилган талабларга жавоб берадиган, қулайлиги,  узлуксизлиги ва сифати билан ажралиб турадиган, энг асосийси шифокорларнинг таълимга бўлган эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган жараённи ташкил қилишда барча имкониятларини сафарбар этади.