Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази
Маънавият ва маърифат бўлими
Хирургия факультети
Тошкент 22.01.2026
Жорий йилнинг 22-январ куни Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази “Хирургия” факультетида “Маънавият куни” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир факультет декани, доцент С.С. Кариевнинг кириш сўзи билан очилди. У ўз нутқида Марказда бугунги кунда амалга оширилаётган янги ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ҳамда келгусида белгиланган устувор вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Шундан сўнг “Юз-жағ хирургияси тарихи, бугунги кундаги муаммолари ва истиқболлари” мавзусида “Жарроҳлик стоматология” кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор А.А. Абдуқодиров томонидан мазмунли ва тақдимот асосидаги маъруза ўқилди.
Тадбир давомида “Ўзбекистон Республикасида пластик ва реконструктив микрохирургия” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг пластик ва микрохирургия бўйича бош консультанти, “Жарроҳлик – 1” кафедраси доценти Ж.Ж. Расуловнинг қизиқарли тақдимоти тингловчилар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилиниб, жонли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Тадбир якунида эл ардоғидаги санъаткор, шоир ва устоз хонанда Аслиддин Дўстов билан ижодий ва мусиқий учрашув ташкил этилди. Республиканинг барча ҳудудларидан илм олиш мақсадида ташриф буюрган курсант тингловчилар ҳамда клиник ординаторлар учун ушбу тадбир ўзгача маънавий руҳ ва кўтаринки кайфият бағишлади, десак муболаға бўлмайди.