Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази
Маънавият ва маърифат бўлими
Тошкент 10.11.2025
9-ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларини рағбатлантириш ва уларнинг меҳнатини эътироф этиш мақсадида фармон имзолади. Ушбу фармонга мувофиқ, тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимида сифат ва самарадорликни янада яхшилаш борасида хизмат қилаётган мутахассислар тақдирланди.
Хусусан, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази “Менежмент, ижтимоий ва бирламчи соғлиқни сақлаш” факультети “Превентив тиббиёт – валеология асослари” кафедраси профессори Иргашев Шуҳрат Боисович “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди. Шуҳрат Боисовичнинг ушбу мукофоти унинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги юксак малакаси, ўқитувчилик ва илмий фаолияти, шунингдек, тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг профессионал ривожланишига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этади.
Шунингдек, Марказ “Терапия” факультети декани, “Гастроэнтерология” кафедраси мудири, профессор Хамрабаева Феруза Ибрагимовна ҳам катта эътирофга сазовор бўлди. У Ўзбекистон Республикаси Тиббий туризм ассоциациясининг 2025 йил 7 ноябрдаги У/6-сонли буйруғига биноан “Ўзбекистонда тиббий туризмни ривожлантиришда қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан тақдирланган. Бу мукофот унинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фаолияти ва мамлакатимизда тиббий туризмни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссасини эътироф этади.
Мазкур мукофотлар ва эътирофлар нафақат шахслар, балки Марказимизнинг бутун жамоаси учун катта ғурур ва рағбат манбаи бўлиб, соғлиқни сақлаш тизимида сифатни ошириш ва халқимизга янада юқори даражада хизмат кўрсатишга бўлган интилишимизни янада мустаҳкамлайди.