Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази
Маънавият ва маърифат бўлими
Тошкент 27.03.2026
Бугун 27 март, Тошкент шаҳрида “Инсон ва саломатлик” ХIII Халқаро конгресси ўз ишини бошлади. Ушбу нуфузли анжуман Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Бугун конгресснинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Анжуманни Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Эркиновна Боситхонова очиб берди. Шунингдек, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази директори, профессор Хабибулла Аталаевич Акилов сўзга чиқиб, мазкур форумнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Тадбирда яқин ва узоқ хориждан ташриф буюрган меҳмонлар ҳам иштирок этиб, ўз табрикларини билдирдилар.
Конгресс доирасида замонавий тиббиётнинг долзарб йўналишлари — кардиология, неврология, гастроэнтерология, педиатрия, акушерлик ва гинекология, эндокринология, шунингдек, антибиотикотерапия ва мураккаб касалликларни комплекс даволашда далилларга асосланган тиббиёт масалалари муҳокама қилинмоқда.
Айни кунларда конгресс ўз ишини давом эттирмоқда. Унда илмий сессиялар, маърузалар ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашинуви ташкил этилган. Жумладан, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази мутахассислари ҳам фаол иштирок этиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашмоқдалар.
Бундай халқаро конгресслар республика соғлиқни сақлаш тизими ривожи учун муҳим аҳамият касб этади. Улар замонавий ташхис ва даволаш усулларини амалиётга жорий этиш, шунингдек, тиббиёт ходимларининг малакасини оширишда муҳим платформа ҳисобланади.