Шрифт ўлчами: A A A
Фон ранги: A A
Ишонч телефони (+998 71) 268-17-44
Электрон почта info@tipme.uz

"Ядро қалқонидан - юқори аниқликдаги скальпельга"

31 Мар 2026

Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази

Маънавият ва маърифат бўлими

Тошкент                                     28.03.2026

2026-йил 28-март куни Атом технологиялари ахборот марказида масъул вазирлик ва идоралар мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикасида ядро тиббиётини ривожлантириш истиқболларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош радиологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Дамир Арифович Зарединов асосий маъруза билан сўзга чиқди.

У ўз нутқида ядро тиббиётининг замонавий имкониятлари, жумладан, радионуклид диагностика ва даволаш усуллари, позитрон-эмиссион томография (ПEТ/КТ), радиофармацевтик препаратларни қўллаш, шунингдек, циклотрон, гамма-пичоқ ва кибер-пичоқ каби юқори технологияли ускуналардан фойдаланиш ҳақида батафсил сўз юритди. Онкологик ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга касалликларни эрта аниқлаш ҳамда самарали даволаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Маърузачи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг фаол қўллаб-қувватлаши туфайли мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимига илғор ядро технологияларини жорий этиш учун қулай шароитлар яратилаётганини алоҳида таъкидлади. Муҳим ташаббуслар қаторида россиялик ҳамкорлар билан биргаликда Тошкент шаҳрида замонавий Ядро тиббиёти марказини барпо этиш лойиҳаси йўлга қўйилгани ҳам бор эътиборга молик. 2026-йилда марказни юқори технологик ускуналар, хусусан, ПEТ/КТ, циклотрон, радиофармакология лабораторияси ҳамда “Гамма-пичоқ” ва “Кибер-пичоқ” қурилмалари билан жиҳозлаш режалаштирилган. Бу аҳолининг аниқ диагностика ва инновацион даволаш усулларидан фойдаланиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради. Маърузадан сўнг қизғин баҳс-мунозара бўлиб ўтди. Унда олимлар, радиациявий технологиялар ишлаб чиқувчилари, саноат ва тиббиёт вакиллари Ўзбекистонда ядро тиббиётини янада ривожлантириш бўйича фикр алмашдилар, саволлар бердилар ва таклифлар билдирдилар. Иштирокчилар кадрлар тайёрлаш, радиацион хавфсизликни таъминлаш ва ядро технологияларини амалий соғлиқни сақлашга жадал татбиқ этишда халқаро ҳамкорлик, жумладан, ХАEА ҳамда етакчи хорижий марказлар билан алоқаларнинг муҳим аҳамият касб этишини қайд этдилар.

Семинар конструктив ва ишчан руҳда ўтиб, республика аҳолиси саломатлиги манфаатлари йўлида ядро технологияларини амалий соғлиқни сақлашга жадал жорий этиш борасида самарали тажриба алмашишга ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишга хизмат қилди.