Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази
Маънавият ва маърифат бўлими
Тошкент 29.04.2026
2026-йил 29-апрель куни Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида навбатдаги Олимлар кенгаши мажлиси юқори савияда ташкил этилиб ўтказилди. Мазкур йиғилишни марказ директори, профессор Х.А. Акилов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида кенгаш аъзоларини яқинлашиб келаётган 9-май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан самимий муборакбод этиб, Ватан озодлиги ва тинчлиги йўлида жон фидо қилган, уруш майдонларида мардонавор курашган қаҳрамонларнинг жасорати ва матонати ҳақида илиқ фикрларини билдирди. Шунингдек, уларнинг хотирасини эъзозлаш ҳар бир авлоднинг муқаддас бурчи эканини алоҳида таъкидлади.
Кенгаш мажлиси белгиланган кун тартибига мувофиқ давом эттирилди. Дастлаб, 9-май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган “Ватан фидоий фарзандларини унутмайди” мавзусида “Маънавият ва маърифат” бўлими томонидан тайёрланган маъруза тингланди. Унда тарихий хотиранинг аҳамияти, аждодлар жасоратини ёд этиш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари кенг ёритиб берилди.
Шундан сўнг Тиббий профилактика факультетида амалга оширилаётган ўқув-услубий, илмий ва даволаш ишлари юзасидан факультет декани, профессор Г.Т. Искандарова ҳисобот берди. Ҳисобот давомида факультетда таълим сифатини ошириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва амалий тиббий хизматни такомиллаштириш борасида эришилган натижалар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Навбатдаги масала сифатида Менежмент, ижтимоий ва бирламчи соғлиқни сақлаш факультети фаолияти юзасидан факультет декани, профессор Б.А. Магрупов ҳисобот тақдим этди. У ўз чиқишида факультетда олиб борилаётган ислоҳотлар, таълим жараёнига замонавий ёндашувларни жорий этиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизими учун малакали мутахассислар тайёрлаш борасидаги ишларни алоҳида таъкидлаб ўтди.
Кун тартибидаги яна бир муҳим масала — Марказ клиник базасининг фаолияти бўлиб, бу борада марказнинг даволаш ишлари бўйича директор ўринбосари С.Р. Маткаримов ҳисобот берди. Ҳисоботда клиник базада кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, беморларга яратилган шароитлар ҳамда даволаш жараёнида илғор усулларни қўллаш натижалари ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, йиғилиш давомида турли ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, лавозимлар ва илмий унвонларга танлов масалалари муҳокама қилинди, Олимлар кенгаши таркибига ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифлар билдирилди ҳамда бир қатор услубий ҳужжатлар тасдиқланди.
Мажлис якунида марказ ривожига катта ҳисса қўшган, кўп йиллар давомида фидокорона меҳнат қилиб, тиббиёт соҳаси тараққиётига муносиб улуш қўшган бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар тантанали равишда тақдирланди. Уларга кўкрак нишонлари топширилиб, уларнинг самарали фаолияти ва касбий ютуқлари алоҳида эътироф этилди. Мазкур эътироф нафақат устозлар меҳнатининг қадрланиши, балки ёш мутахассислар учун ҳам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.