Шрифт ўлчами: A A A
Фон ранги: A A
Ишонч телефони (+998 71) 268-17-44
Электрон почта info@tipme.uz

Ғалабага ишонч билан: Марказ жамоаси тарихий учрашувни биргаликда томоша қилди

19 Июн 2026

Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази

Маънавият ва маърифат бўлими

Тошкент                                   18.06.2026

 

2026-йил 18-июн куни Тошкент вақти билан соат 07:00 да футбол бўйича Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи доирасида тарихий учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор мундиалнинг гуруҳ босқичида Колумбия терма жамоасига қарши майдонга тушди. Ушбу муҳим спорт воқеаси миллионлаб юртдошларимиз қатори Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази жамоаси томонидан ҳам катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олинди.

Мазкур тарихий учрашув муносабати билан Марказ директори, профессор Хабибулла Атауллаевич Акилов ташаббуси билан футбол баҳсини жамоавий тарзда томоша қилиш тадбири ташкил этилди. Барча профессор-ўқитувчилар, деканлар, бўлим бошлиқлари, марказ ходимлари, курсант тингловчилар ҳамда клиник ординаторлар Марказнинг катта мажлислар залига таклиф этилди. Иштирокчилар соат 07:00 да тўғридан-тўғри эфир орқали намойиш этилган учрашувни биргаликда томоша қилдилар.

Ўйин бошланишидан аввал Марказ директори, профессор Хабибулла Атауллаевич Акилов ҳамда профессор-ўқитувчилар томонидан Ўзбекистон миллий терма жамоасига омад тиланиб, ушбу тарихий баҳс мамлакат футболи тараққиётида янги саҳифа очиши ва жамоамизнинг муносиб натижа қайд этишига ишонч билдирилди. Йиғилганлар терма жамоамизнинг мундиалдаги илк иштирокидан фахр ва ғурур ҳиссини туйган ҳолда футболчиларни қўллаб-қувватладилар.

Учрашув давомида залда катта ҳаяжон ва кўтаринки кайфият ҳукм сурди. Айниқса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси томонидан киритилган илк гол барча иштирокчилар томонидан олқишлар ва қувонч билан кутиб олинди. Ушбу гол жамоамизнинг юқори маҳорати ва ғалабага бўлган интилишининг ёрқин ифодаси бўлди.

Шиддатли ва муросасиз кечган баҳс якунида Колумбия терма жамоаси 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса-да, Ўзбекистон миллий терма жамоаси мундиалдаги илк иштирокида муносиб ўйин намойиш этди. Учрашув давомида футболчиларимизнинг матонати, жанговар руҳи ва ғалабага бўлган иштиёқи мухлислар қалбида фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотди.

Марказ жамоаси ушбу тарихий учрашувни биргаликда томоша қилиш орқали жамоавий бирдамлик, ватанпарварлик ва спортга бўлган муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлади. Барча иштирокчилар Ўзбекистон миллий терма жамоасининг кейинги учрашувларида омад ва муваффақиятлар тилаб, жамоамизнинг келгусида янада юксак натижаларга эришишига ишонч билдирдилар.