ДАМИН АБДУРАХИМОВИЧ АСАДОВ
Асадов Дамин Абдурахимович, 1940 йилда туғилган, ўзбек, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг «Жамоат саломатлиги, соғликни сақлашни бошқариш» кафедраси мудири.
Д.А.Асадов 1963 йили Тошкент Давлат тиббиёт институтини тугатиб, меҳнат фаолиятини Голодностепстройга қарашли врачлик амбулаториясида бошлаган. 1965-1968 йилларда Ленинград шаҳрида аспирантурада, 1968-1970 йилларда Ўсимлик моддалари кимёси институтида илмий ходим, 1970-1976 йилларда Ўлка медитсинаси илмий текшириш и\нститутида бўлим мудири бўлиб ишлаган. Д.А.Асадов 1976-1979 йилларда Нигерия Федератив Республикасининг Кано штати соғлиқни сақлаш вазирлигида маслаҳатчи ва бир вақтнинг ўзида Муртала Муҳаммад номли госпиталнинг бош консултанти сифатида фаолият кўрсатган. 1979-1981 йилларда Д.А.Асадов Ангрен шаҳар соғлиқни сақлаш бўлимининг бошлиғи, 1981-1982 йилларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Даволаш-профилактика бош бошқармаси бошлиғи, 1982-1989 йилларда соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи муовини, 1989-1997 йилларда Акушерлик ва гинекология илмий текшириш институти директори, 1997-1998 йилларда Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг ректори, 1998-2003 йилларда соғликни сақлаш вазирининг биринчи муовини лавозимида ишлаган. 2003 йилдан ҳозирги кунга қадар у Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг “Соғлиқни сақлашни ташкиллаштириш, молиялаштириш ва бошқариш” кафедраси мудири лавозимида фаолият кўрсатмоқда.
Д.А. Асадовнинг Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимида олиб борган ташкилотчилик фаолиятини алоҳида қайд этиш мумкин. У Ангрен шаҳар тиббиёт тизимини раҳбари бўлиб фаолият кўрсатганида даволаш-профилактика муассасаларини бошқаришда прогрессив усулларни қўлланилиши ва маҳаллий бошқарув идоралари билан ўрнатилган самарали алоқалар туфайли катта муваффақиятларга эришилди. Собиқ СССР Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ангрен шаҳри аҳолига самарали ва сифатли тиббий ёрдам ташкил этилган шаҳар деб эътироф этилди.
1989 йил Д.А.Асадов Акушерлик-гинекология Институтига раҳбар этиб тайинланганда ушбу тиббиёт муассасаси ниҳоятда тушкун ҳолатда эди. Лекин қисқа муддат ичида унинг кадрлар ва моддий-техник салоҳияти мустаҳкамланиб замонавий технологияларга эга бўлган энг илғор тиббиёт масканига айланди.
Д.А.Асадов Тошкент педиатрия медитсина институтининг ректори сифатида икки йил фаолият олиб борди, шу давр оралиғида амалга оширилган салоҳиятли ишлар мазкур олий ўқув юртининг келажак тараққиётини таъминлаб берди.
1998 йилда Д.А.Асадов иккинчи маротаба Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи муовини этиб тайинланди. Унга юклатилган асосий вазифа Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан тасдиқланган Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастурини ўрнатилган муддатда ва тўлақонли бажарилишини ташкиллаштириш эди. Маълумки Давлат дастурида қисқа вақт ичида Ўзбекистон тиббиёт тизимининг бирламчи бўғинини қайта ташкиллаштириш, мутлақо янги ғояга асосланган, аҳолига юқори сифатли ва бепул кўрсатиладиган шошилинч тиббий ёрдам тизимини яратиш, тиббиёт соҳасига ажратилаётган давлат бюджет маблағларининг самарадорлигини ошириш, оналар ва болалар саломатлигини янада мустаҳкамлаш ва бошқа бир қатор муҳим тадбирлар кўзда тутилган эди. Ушбу масъулиятли вазифаларни муваффақиятли бажарилишида Д.А.Асадовнинг тажрибаси ва беминнат меҳнати салмоқли ўринга эга.
Д.А.Асадов 1968 йили тиббиёт фанлари номзоди ва 1993 йили докторлик диссертатсиясини ҳимоя қилди, 1997 йили унга профессорлик унвони берилди. Д.А.Асадов Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, вилоятларда тиббиёт инфратизимини ривожлантириш ёъналишлари бўйича амалий, ташкилий, илмий изланишлар олиб бормоқда. Илмий ва амалий салоҳиятини ҳамда халқаро миқёсдаги тажрибасини этироф этган ҳолда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти уни 1991-1997 йиллар давомидаги анжуманларига маслаҳатчи сифатида таклиф этган. У 2002 ва 2003 йилларда ушбу нуфузли ташкилотнинг 55 ва 56 Ассамблеяларида Ўзбекистон Республикаси делегатсиясини раҳбари сифатида фаол қатнашган ва марузалар қилган. Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг топшириғи билан Д.А.Асадов АҚШ, Канада, Буюк Британия, Германия, Швейтсария, Япония, Дания, Сингапур, Туркия, Индонезия, Жанубий Корея, Тайланд, жами 20 дан ортиқ мамлакатларда Ўзбекистон тиббиётининиг турли ёъналишлари, шу жумладан соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида илмий маърузалар қилди.
У раҳбарлик қилаётган кафедрада ўн мингдан ортиқ тиббиёт соҳасининг раҳбар ходимлари малакасини оширган. Кафедрада ўқитиш жараёни энг замонавий услублар ёрдамида олиб борилади. Раҳбар ходимларнинг касбий маҳоратини такомиллаштириш Ўзбекистон Республикасининг энг илғор тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатаётган юқори малакали мутахассислар билан ҳамкорликда ташкил этилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги топшириғига биноан кафедрада Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар ва барча вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг муовинлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари тиббиётда ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва бошқарув тизими фаолиятини такомиллаштириш мавзуларида мунтазам равишда малакаларини оширадилар.