Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази
Маънавият ва маърифат бўлими
Тошкент 20.05.2026
2026-йил 20-май куни Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида навбатдаги Илмий кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни марказ директори, профессор Хабибулла Атауллаевич Акилов очиб бериб, ўз нутқида марказда илм-фан, таълим ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илмий салоҳиятни янада ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Илмий кенгаш давомида соғлиқни сақлаш тизимида кўп йиллик самарали меҳнати, тиббиёт илми ва ёш мутахассисларни тарбиялашдаги муносиб ҳиссаси учун “Офталмология” кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ўзбекистон Қаҳрамони Комилов Холиджон Махамаджанович “Энг ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланди. Мазкур мукофот Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Э. Баситханова томонидан тантанали равишда топширилди. Тақдирлаш маросими йиғилиш иштирокчилари томонидан илиқ кутиб олиниб, устозга самимий эҳтиром ва қизғин олқишлар билдирилди.
Шундан сўнг, 9-май — “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан Илмий кенгашнинг илмий котибаси, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Гулямова Мактуба Камаловна томонидан марказ равнақи ва тиббиёт соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшган, узоқ йиллар самарали фаолият юритган марҳум устозлар хотирасига бағишланган шеърий-презентацион тақдимот намойиш этилди.
Йиғилиш кун тартибига мувофиқ, дастлаб марказда жорий йилда амалга оширилган илмий ишлар режасининг бажарилиш ҳолати ҳамда келгуси йилга мўлжалланган илмий ва инновацион тадбирлар юзасидан Марказ илмий ишлари ва инновациялар бўйича директор ўринбосари Насирова Умида Ферузовна томонидан батафсил ҳисобот тақдим этилди. Ҳисобот давомида марказда олиб борилган илмий изланишлар, инновацион лойиҳалар, халқаро ҳамкорлик алоқалари ва илмий салоҳиятни янада ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг Узлуксиз касбий таълим жараёнини мониторинг қилиш ва сифатини баҳолаш бўлимининг жорий йилдаги фаолияти юзасидан бўлим бошлиғи, доцент Салиходжаева Рихси Камиловна ҳисобот берди. Маърузада таълим сифатини ошириш, ўқув жараёнларини мониторинг қилиш, тингловчилар билимини баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда замонавий таълим технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала сифатида Ихтисослашган кенгаш фаолияти муҳокама қилиниб, кенгаш котибаси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Убайдуллаева Наима Набихановна томонидан йиллик ҳисобот тақдим этилди. Унда илмий диссертациялар ҳимояси, илмий кенгаш фаолияти самарадорлиги ва илмий даражага талабгор изланувчилар билан олиб борилган ишлар юзасидан батафсил ахборот берилди.
Шунингдек, клиник ординатура декани, тиббиёт фанлари доктори Примов Фарҳод Шарифжанович ҳисобот билан сўзга чиқди. Ҳисоботда ёшларнинг илмий, маънавий-маърифий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда турли лойиҳалар ва тадбирларга кенг жалб этиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Йиғилиш якунида турли масалалар кўриб чиқилиб, марказ фаолиятини янада ривожлантириш, илмий ва таълим жараёнлари самарадорлигини ошириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди. Тадбир давомида барча йўналишларда тизимли ва самарали фаолиятни давом эттириш муҳим экани алоҳида қайд этилди.