Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази
Маънавият ва маърифат бўлими
Тошкент 24.06.2026
2026-йил 24-июн куни Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази мажлислар залида “Хирургия” факультетининг навбатдаги “Маънавият куни” тадбири бўлиб ўтди. Тадбирни факультет декани, доцент С.С. Кариев кириш сўзи билан очиб бериб, тиббиёт ходимларининг нафақат касбий билим ва кўникмаларини, балки маънавий-маърифий савиясини юксалтиришнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Тадбир доирасида Узлуксиз касбий таълим жараёнини мониторинг қилиш ва сифатини баҳолаш бўлими бошлиғи, доцент Р.К. Салиходжаева томонидан шифокорларнинг сиёсий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини ўрганишга бағишланган тақдимот намойиш этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг пластик ва микрохирургия бўйича бош консультанти, “Хирургия–1” кафедраси доценти Ж.Ж. Расулов томонидан “Ўзбекистон Республикасида пластик ва реконструктив микрохирургия” мавзусида маъруза қилиниб, ушбу йўналишдаги замонавий ютуқлар, инновацион технологиялар ҳамда истиқболдаги вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбир давомида “Валеология” кафедраси мудири, доцент Н.Н. Файзиева “Превентив тиббиёт. Валеология асослари” мавзусида маъруза қилиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, касалликларнинг олдини олиш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларига эътибор қаратди.
Тадбирнинг маънавий-маърифий қисми эл ардоғидаги санъаткор, устоз хонанда, “Фидокорона меҳнатлари учун” ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Хуршид Расулов билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида ижро этилган куй ва қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашиб, шифокорлар ва тингловчиларнинг маънавий ҳордиқ чиқаришига хизмат қилди.